Маданият вазирлигида ижодий бирлашмалар томонидан амалга оширилаётган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Болалар Ижодкорлиги Ижодий Бирлашмаси вакиллари ҳам иштирок этди.
Йиғилиш 13-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков раислигида ўтди. Унда вазирлик марказий аппарати ходимлари, 21 та ижодий бирлашма, жумладан, Болалар Ижодкорлиги Ижодий Бирлашмаси вакиллари қатнашди. Ҳудудий маданият бошқармалари раҳбарлари йиғилишга онлайн тарзда уланди.
Муҳокама ижодий бирлашмалар фаолияти ва келгусидаги вазифаларга бағишланди. Вазир санъатда баъзан битта истеъдод бутун бир даврни ўзгартиришини таъкидлади: бундай истеъдод эгаларини ўз вақтида топиш, қўллаб-қувватлаш ва катта санъатга олиб чиқиш зарур. Унинг сўзларига кўра, ижодий бирлашмаларни ташкил этишдан асосий мақсад ҳам халқ орасидаги ҳали кашф этилмаган, имконияти очилмаган истеъдодларни аниқлашдир.
Озодбек Назарбеков танловлар тарғиботига алоҳида эътибор қаратди. Истеъдод эгаси танлов ҳақида эшитмаса, унда қатнашмайди ва эътибордан четда қолади. Эртага миллий санъат ривожига улкан ҳисса қўшадиган инсон айнан шундай имкониятдан бехабар қолиши мумкин. Шу сабабли танловлар ҳақидаги хабар ҳар бир ҳудудга, ҳар бир таълим муассасасига ва ҳар бир ёшга етиб бориши шарт.
Вазир ижодий бирлашмалар олдига шунчаки танлов ўтказиш эмас, санъат келажагини белгилайдиган бирорта ҳам буюк истеъдодни бой бермаслик вазифасини қўйди.
«Бизнинг мақсадимиз — халқ орасидаги битта Моцартни ҳам назардан четда қолдирмаслик.»














