Болалар Ижодкорлиги Ижодий Бирлашмаси миллий мусиқа меросини замонавий саҳнага олиб чиқадиган янги шоу-танлов — UPOP TREND лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳа қўллаб-қувватланди.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият бўйича вакили Ҳасан Салиҳов, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.

UPOP TREND миллий мусиқий мерос, фолклор санъати ва анъанавий рақсларни замонавий жаҳон мусиқаси, юқори технологиялар ва мода билан бирлаштиради. Лойиҳанинг мақсади — миллий оҳангларнинг ўзига хослигини сақлаган ҳолда уларни бугунги ўсмирларнинг дидига яқинлаштириш, ота-боболар меросини ёшлар ўзлари излаб тинглайдиган қўшиқларга айлантириш.

Лойиҳа фақат мусиқа билан чекланмайди: саҳна либослари, рақслар, визуал ечимлар ва саҳна технологиялари ҳам миллий руҳ билан уйғунлашади. Ташкилотчилар UPOP TREND орқали миллий қадриятларни замонавий форматда халқаро саҳнага олиб чиқишни кўзламоқда.

Тақдимот якунида лойиҳа қўллаб-қувватланди, уни ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Болалар Ижодкорлиги Ижодий Бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 2-июндаги ПФ-103-сон Фармони билан ташкил этилган.

«Энди навбат — ғояни саҳнага, миллий оҳангларни эса янги авлод қалбига олиб чиқиш.»